Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. (Лутнинг алайҳиссалом Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Шунинг учун ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лутни алайҳиссалом шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.)